Muhammad Yusuf nomidagi ixtisoslashtirilgan maktab tashkil etildi

04.08.201710319Vazirlar Mahkamasining 25.07.2017 yildagi 539-son «Andijon shahrida Muhammad Yusuf nomidagi ona tili va adabiyot fanini chuqurlashtirib o‘qitishga ixtisoslashtirilgan maktab va Muhammad Yusufning byusti o‘rnatilgan xiyobonni tashkil etish to‘g‘risida»gi qarori e’lon qilindi.Maktab Andijon davlat universiteti qoshidagi 4-son akademik litsey hududida ochiladi.2017-2018 o‘quv yilida ixtisoslashtirilgan maktabning 5-8-sinflariga hamda 2018-2019 o‘quv yilidan boshlab 5-sinfiga 30 nafardan o‘quvchilar qabul qilinadi. Xalq ta’limi vazirligiga o‘quvchilarni qabul qilish kvotalariga o‘zgartirishlar kiritish huquqi berildi.Davlat arxitektura va qurilish qo‘mitasi, Xalq ta’limi vazirligi hamda Badiiy akademiya 2017 yil 1 sentabrgacha:• 4-son akademik litsey binosining 1-qavatida 150 o‘rinli o‘quv binosini ixtisoslashtirilgan maktabga moslashtirish bo‘yicha ta’mirlash ishlarini amalga oshirish va uni foydalanishga topshirish;• byustning ijodiy va texnik parametrlarini ishlab chiqish hamda uni sifatli yaratish;• 4-son akademik litsey hududida byust o‘rnatilgan xiyobonni tashkil etish chora-tadbirlarini ko‘rishi kerak.Yuqorida ko‘rsatilgan vazifalarni bajarish bilan bog‘liq barcha xarajatlar Andijon viloyati mahalliy byudjyeti mablag‘lari hisobiga amalga oshiriladi.Xalq ta’limi vazirligi Moliya vazirligi bilan birgalikda 2017-2018 o‘quv yilidan boshlab yangi maktabni o‘quv-laboratoriya jihozlari, kompyuter texnikasi, o‘quv-metodik majmualar, o‘qituvchilar uchun metodik qo‘llanmalar hamda badiiy adabiyotlar bilan ta’minlash choralarini ko‘radi.Hujjatda maktabga iqtidorli o‘quvchilarni saralab olish maqsadida ona tili va adabiyot fanlaridan, shuningdek psixologik-pedagogik diagnostika bo‘yicha test sinovi o‘tkazish ko‘zda tutilgan.2017-2018 o‘quv yilidan boshlab Davlat byudjyeti parametrlarida ta’lim sohasiga ajratilgan mablag‘lar doirasida ixtisoslashtirilgan yangi maktabning ta’minoti uchun zarur mablag‘lar nazarda tutiladi.

«МУҲАММАД ЮСУФ- ВАТАН КУЙЧИСИ» МАВЗУИДАГИ ОНЛАЙН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Адиблар ҳиёбонида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти раҳбарияти, профессор ўқитувчилари, талабалар иштирокида адабий учрашув ташкил этилди. Тадбир янги интерфаол методлар асосида ZOOM платформаси орқали Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали талаба-ёшлари учун ахборот мураббийлик соатларида тўғридан-тўғри жонли мулоқот асосида бўлиб ўтди.
Шунингдек, онлайн учрашувда Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари, устозлар ҳам қатнашди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов, адабиётшунос олим, профессор Сайёра Тўйчиева ва бошқа таниқли адабиёт, санъат номоёндалари иштирок этди.
Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодини ёш авлод онгига сингдириш борасида институт томонидан дастур ишлаб чиқилган. Унга асосан, 2020-2021 ўқув йилида бакалавриат ва магистратура мутахасислари учун Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган махсус курслар ташкил этилди. Шунингдек, шоир номи билан аталадиган алоҳида аудитория ажратилиб, ушбу аудитория Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижоди акс этган кўргазмали плакатлар, расмлар, шеърий китоблар билан жиҳозланмоқда. Айни пайтда, институт ҳовлисида жойлашган марказий кўшклардан бири Муҳаммад Юсуф номи билан аталган. Институтнинг АРМида шоир ижодига бағишланган маълумотлар ресурси ташкил этилиб, профессор – ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар ундан кенг фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Институт ҳамда бошқа таълим муассасалари талаба-ёшлари учун “Муҳаммад Юсуф издошлари” ижод тўгараги ташкил қилинди ва ушбу тўгаракка иқтидорли талаба-ёшлар жалб қилинмоқда.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, танлов асосида энг ижодкор талабалар орасидан Муҳаммад Юсуф номидаги стипендия бериладиган бўлди. Бундан ташқари, кўкрак нишони жорий этилди. Мухтасар қилиб айтганда, институтдаги ҳар бир талаба, ходим, профессор, ўқитувчилар шоир ҳаёти ва ижодини билиши учун тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда ва ушбу тадбирлар бундан кейин ҳам ишлаб чиқилган дастур асосида давом эттирилади.
Адабий кечада институтнинг “Халқ ижодиёти” факультети ўқитувчи ҳамда талабалари иштирокида Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида яратилган куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбир қатнашчилари томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодидаги ватанпарварлик ғояларини ёшлар онгига сингдириш, унинг ҳаёти ва ижодини халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Рақамли технологиялар асосида онлайн тарзда ташкил қилинган адабий кеча институтнинг Фарғона минтақавий филиали раҳбарияти, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси, шунингдек Нукус филиали қатнашчилари томонидан юқори баҳоланди.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби раҳбарияти томонидан бу каби учршувлар ўғил-қизларни ўзбек шеъриятига бўлган қизиқишларини янада ошириш, буюк шоир, ёзувчи, алломаларимиз, бой маданий меъросимизга ҳурмат руҳида тариялашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди..

Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ шу каби тадбирлар келгусида ҳам Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб борилади.